ЕТТБ собиқ президенти Сума Чакрабарти Шавкат Мирзиёевга маслаҳатчи этиб тайинланади
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти Сума Чакрабарти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланади.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти Сума Чакрабарти ўзининг Twitter’даги саҳифасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланаётганини маълум қилди.
«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мени иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлаётгани ҳақида эшитганимдан хурсандман. Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳот дастурини амалга оширишда унга ёрдам беришни орзиқиб кутмоқдаман», — деб ёзади у ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
Сир Сумантра «Сума» Чакрабарти — Буюк Британия давлат хизматчиси, 2012 йил июлдан 2020 йил июлгача Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг президенти лавозимида ишлаган. У илгари Буюк Британия давлат хизматидаги энг юқори мартабали ҳиндлардан ҳисобланган.
Маълумот учун, Сума Чакрабарти 1959 йилда Жалпаигури (Ҳиндистон, Ғарбий Бенгалия)да туғилган. Оксфорд Янги коллежини cиёсатшунослик, фалсафа ва иқтисодиёт соҳалари бўйича тугатган. Сўнгра Сассекс университетида иқтисодий ривожланиш бўйича магистр даражасини олган.
Чакрабарти Сассекс ва Шарқий Англия университетлари ҳамда Бухарест иқтисодий тадқиқотлар академиясининг фахрий доктори ҳисобланади. У бенгал, француз ва немис тилларида гаплаша олади.
Аввалроқ Сума Чакрабарти Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан мукофотланган эди.