Тошкент шаҳрига 5 млрд сўмлик импорт маҳсулотини ноқонуний олиб кираётган жиноий гуруҳ қўлга тушди

Тошкент шаҳри «Чуқурсой» божхона постида 5 миллиард сўмлик импорт маҳсулотлари ноқонуний олиб ўтилаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Божхона матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Божхона матбуот хизмати

Хабарга кўра, 4 октябрь куни Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага карши курашиш ва божхона аудити ҳамда Коррупцияга карши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлимлари томонидан «Чуқурсой» божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда давлат бюджетига божхона тўловларини тўламаслик мақсадида йирик миқдордаги импорт товарларни паст ставкали товарларга алмаштириш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.

Фото: Божхона матбуот хизмати

Маълум бўлишича, олдиндан тузилган режага кўра ташкилот номига хориждан импорт қилинган юқори ставкали генератор, сув пуркагич, чангютгич, кирювгич каби қимматбаҳо хўжалик ускуналари ва қурилиш анжомлари вақтинча сақлаш божхона режимига расмийлаштирилган. Ўз омборида юқоридаги товарлар ўрнига жиноий гуруҳ аъзолари томонидан сохта йўл-юк кузатув хужжатларида кўрсатилган қулф, электрод, токқайчи ва арра каби 16 турдаги товарга алмаштирилаётган вақтда тўхтатиб қолинган. Юк эгалари ушбу жиноятни амалга ошириш учун жиноий гуруҳга 20 нафар шахсни ёллаб, ҳар бирининг вазифаларини тақсимлагани ҳам маълум бўлган.

Фото: Божхона матбуот хизмати

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилмаган ва ашёвий далил сифатида олинган 31 турдаги 4214 дона товарларнинг умумий қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этган. Жиноий гуруҳнинг мақсадлари амалга ошганда давлат ғазнасига 1 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилиб, 4 миллиард 500 миллион сўмликдан ортиқ зарар етказилар эди.

Мазкур аниқланган қонунбузарлик ҳолати юзасидан ҳозирда божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Корхонанинг ташқи иқтисодий фаолияти эса божхона аудитидан ўтказилади.

Аввалроқ Наманганда 42 миллиард сўмлик маҳсулотлар реализация қилинмасдан омборларда сақланаётганлиги аниқлангани, Ўзбекистонга 100 миллион сўмлик синтетик ипни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар Наманганда ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар