Наманганда 42 млрд сўмлик маҳсулотлар реализация қилинмасдан омборларда сақланаётганлиги аниқланди
Наманган вилояти прокуратураси томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида 42 миллиард сўмлик маҳсулотлар реализация қилинмасдан омборларда сақланаётганлиги аниқланди. Бу ҳақида «Kun.uz» хабар берди.
Маълум бўлишича, Наманган вилоят прокуратураси томонидан Пандемия шароитида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилинишида кўмаклашиш мақсадида ўрганиш олиб борилган. Ўрганишлар давомида прокуратура томонидан 560 дан зиёд тадбиркорлик субъектларининг қарийб 42 миллиард сўмлик маҳсулотлари реализация қилинмасдан омборларда сақланаётганлиги аниқланган. 254 та тадбиркорлик субъектларининг 16 миллиард сўмга яқин маҳсулотлари маҳаллий бозорларда реализация қилинган.
Шунингдек, 6 та тадбиркорнинг 501,2 минг АҚШ долларилик текстил маҳсулотлари экспортга чиқарилишида амалий ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, 61 нафар тадбиркорлик субъектларининг транспорт хизмати, электр энергияси, табиий газдан фойдаланиш билан боғлиқ ва бошқа кўринишдаги муаммолари ҳал этилган.
Аввалроқ Aндижон ўтган 8 ой мобайнида 90 миллион долларлик кийим-кечак экспорт қилингани, Самарқандда август ойида қарийб 460 миллион сўмга тенг 31 та божхона қонунбузилиши ҳолати аниқлангани ҳақида хабар берилганди.