Самарқандда август ойида қарийб 460 млн сўмга тенг 31 та божхона қонунбузилиши ҳолати аниқланган

Самарқанд вилоятида 2020 йил август ойида ноқонуний товар ва транспорт воситаларининг ташилиши билан боғлиқ 458,88 миллион сўмга тенг бўлган жами 31 та божхона қонунбузилиши ҳолати аниқланган. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, вазни 148,35 минг тонна, қиймати 242,28 миллион долларга тенг бўлган товар ва транспорт воситаларига нисбатан 6386 та (шундан экспортда 1301 та, импортда 5085 та) божхона кўриги ўтказилган. Натижада ноқонуний товар ва транспорт воситаларининг ташилиши билан боғлиқ деярли 460 миллион сўмга тенг бўлган жами 31 та божхона қонунбузилиши ҳолати аниқланган.

Фото: Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Самарқанд вилоятининг ташқи савдо айланмаси августда 811,17 миллион долларни ташкил этган. Айланмадаги 811,17 миллион доллардан 170,98 миллион доллар экспорт, 640,18 миллион доллар импорт ҳисобланади. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 221,11 миллион долларга камайган. Ҳисобот даврида сальдо манфий кўрсаткичга эга бўлиб, 469,20 миллион долларни ташкил этган.

Ҳисобот даврида вилоятда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан 315,6 миллион долларлик асбоб-ускуналар олиб кирилган ва эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига расмийлаштирилган. Шунингдек, божхона тўловларидан 572,1 миллиард сўм имтиёз қўлланилган. Мазкур асбоб-ускуналарининг 45,65 миллион доллар миқдоридаги қисми бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилган.

Фото: Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

15 сентябрь ҳолатига кўра, хавфни бошқариш тизими орқали жами 27 826 та божхона юк декларациялари тегишли йўлакларга тақсимланган бўлиб, шундан 8016 та божхона юк декларацияси «яшил» йўлакда, 11 057 та божхона юк декларацияси «сариқ» йўлакда ҳамда 8753 та божхона юк декларацияси «қизил» йўлакда расмийлаштирилган.

Мазкур божхона юк декларацияларида аниқланган 239 та хавфни минималлаштириш натижасида давлат бюджетига 1 миллиард 630 миллион сўмдан ортиқ қўшимча божхона тўловлари ундирилган.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасурбек Файзуллаевнинг «Tez News»га маълум қилишича, чегара божхона постлари орқали жами 185 838 нафар фуқаро ҳаракатланган бўлиб, шундан «Жартепа» чегара божхона пости орқали 114 256 нафар ва «Самарқанд аэропорти» чегара божхона пости орқали 71 582 нафар фуқаро ҳаракатланган.

Шундан пандемия даврида «Самарқанд аэропорти» орқали 20 та чартер рейсда 4307 нафар фуқаро учиб келган.

Аввалроқ Самарқандда 8 ой давомида 62 миллион долларлик мева-сабзавот, 7 ойда қарийб 12 миллион долларлик гилам маҳсулотлари экспорт қилингани ҳақида хабар қилинган эди.