Самарқандда 7 ой давомида қарийб 12 млн долларлик гилам маҳсулотлари экспорт қилинди

Самарқанд вилоятида 7 ой давомида умумий қиймати 11,6 миллион AҚШ долларилик вазни 5,9 минг тонна гилам ва гилам маҳсулотлари жаҳон бозорининг турли нуқталарига экспорт қилинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 2017 йил 12 январдаги Президент фармонига асосан ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонасида бугунги кунда умумий қиймати 196,2 миллион долларлик 60 та лойиҳанинг олтитаси Туркия компаниялари ва ишбилармонлари билан ҳамкорликда тайёрланган.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари, божхона хизмати подполковниги Жасурбек Файзуллаев навбатдаги учрашуви давомида ушбу худудда туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда йўлга қўйган «Kamalak Tekstil» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг фаолияти ва ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиб чиқди.

Қайд этилишича, учрашув давомида экспорт ҳажмини янада ошириш, берилаётган божхона имтиёзларидан унумли фойдаланиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинаётган янги меъёрий-ҳужжатлар мазмуни тўғрисида тушунтиришлар бериб ўтилган.

Таъкидланишича, ўтган давр мобайнида корхона томонидан умумий қиймати қарийб 2,4 миллион долларлик вазни 1,4 минг тонна маҳсулот экспорт қилинган. Aйни кунда корхонада 200 нафардан зиёд хотин-қизлар меҳнат қилмоқда, яна ўнлаб янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Маҳсулотларнинг 40 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Корхона ўз маҳсулотларини Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби давлатларга экспорт қилмоқда.

«Корхонамиз Ургутда туркиялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, юқори сифатли гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда, бугун ишлаб чиқарилаётган гиламлар нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўз харидорига эга. Шу сабабли биз ҳам давлатимиз томонидан берилаётган кенг имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, ‘Ургут’ эркин иқтисодий зонасида туркиялик шериклар билан гилам заводи ташкил этдик», — дейди қўшма корхона иш бошқарувчиси Б.Шаропов.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда умумий қиймати 1 триллион сўмдан кўпроқ бўлган 66 та лойиҳа амалга оширилиши ҳамда вилоятда Хитой инвестицияси иштирокида 63 та қўшма корхона фаолият кўрсатаётганлиги маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар