Тошкентда ухлаётган итга қайноқ сув тўккан хавфсизлик ходими ишдан бўшатилди
Тошкент шаҳрида ухлаётган итга қайноқ сув тўккан корхонанинг хавфсизлик ходими ишдан бўшатилди. Бу ҳақда «Меҳр ва Оқибат» нодавлат-нотижорат ташкилоти Telegram каналида хабар берди.
Маълум қилинишича, «Меҳр ва Оқибат» нодавлат-нотижорат ташкилотининг аъзолари Тошкентдаги корхоналардан бирига ташриф буюрган ва корхона хавфсизлик ходими ухлаётган итга чойнакдаги қайноқ сувни тўккан. Ташкилотга бу ҳолат ҳақида хабарни ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар маълум қилган.
Қайд этилишича, ташкилот ҳодимлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мазкур ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат қилган.
Корхона мутасаддилари ходим билан суҳбатлашган ва натижада ходим ишдан бўшатилган. Кейинчалик ташкилот ходимлари ҳайвонни ветеринарга олиб борган ва яралари битгач, ит хизмат жойига қайтишини айтган.
«Биз барчани дарҳол жалб қилишнинг иложи йўқлигини тушунамиз, аммо ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик жазосиз қолмаслиги учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз. Биз бефарқ бўлмаганларга ва ушбу масалада иштирок этганларга миннатдорчилик билдирамиз», дейилади хабарда.
Бундан аввал Бухорода 10 мингга яқин дайди ва қаровсиз ит, мушуклар йўқ қилингани маълум бўлганди. Шунингдек, Зарафшонда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилаётгани, аммо ҳокимият буни рад этаётгани ҳақида хабар қилинган эди.