Ўзбекистонда ёшларга бўлган эътибор кучаймоқда
2025 йилда Президент ёшлар билан икки марта очиқ мулоқот ўтказди.

Хусусан, 14 февралда бўлиб ўтган мулоқотдан сўнг ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, битирувчилар бандлигини таъминлашга қаратилган ПҚ–60, ПҚ–61 ва ПҚ–62-сон қарорлар қабул қилинди.
Ушбу қарорлар доирасида ёшлар ташаббуслари учун $400 млн ажратилди. Натижада 15 мингга яқин ёшга қарийб 2 трлн сўм имтиёзли кредит берилди ва 20 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
Ёшлар сиёсатида таълим масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йил 8 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг 632-сон қарори билан хорижий тилларни ўрганиш бўйича «2+6» формати жорий этилди.
Унга кўра, ёшлар аввал 2 ойлик ўқиш харажатини ўзлари тўлайди, қолган 6 ойлик ўқиш учун давлат маблағ ажратади. Дастур орқали 2030 йилгача 100 минг нафар ёш халқаро тил сертификати олиши режалаштирилган.
Экология йўналишида ҳам янги ташаббуслар амалга оширилмоқда. Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида «Яшил ташаббуслар» жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма ҳар йили 10 млрд сўмгача маблағ билан ёшларнинг экологик ва «яшил энергия» лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, инклюзив спортни ривожлантириш мақсадида республикадаги 39 та давлат спорт мактаби паралимпия спорт турларига ихтисослаштирилади.
Мутахассислар фикрича, ёшларга қаратилган бу сиёсат қисқа муддатли кампания эмас, балки мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади.
Шунингдек, Президентнинг Марказий Осиёга бағишланган мақоласида таъкидланишича, минтақанинг аҳолиси 2050 йилга бориб 100 млндан ошиши кутилмоқда. Бу эса таълим, иш билан таъминлаш ва касбий ривожланишга бўлган талабни янада оширади.





