Бухоро вилоятига 2020 йил қишги мавсум учун 40 минг тонна кўмир кераклиги маълум қилинди
Бухоро вилоятига 2020 йил иситиш мавсуми учун 40 010 тонна кўмир ва кўмир брикетлари зарурлиги ҳамда шундан 10 020 тоннаси ижтимоий объектлари эҳтиёжларини ташкил этади. Бу ҳақда «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти томонидан 2 ноябрь, душанба куни Бухорода ташкил этилган инфо-турда маълум қилинди, деб хабар қилди «Tez News» мухбири.
Маълум бўлишича, республика бюджет ташкилотларини 2020/2021 йиллар куз-қиш даврига кўмир билан таъминлаш режаси муддатидан аввал, 26 октябрда бажарилган. Ҳозирда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, поликлиникалар ва бошқа муассасалар қаттиқ ёқилғи билан таъминланган.
Вилоят аҳолисининг кўмирга бўлган эҳтиёжи 29 990 тоннани ташкил қилади. Октябрь ойи охирида вилоятдаги «Кўмир таъминот» масъулияти чекланган жамият филиали омборларида 18 302,7 тонна (61 фоиз) кўмир маҳсулотлари мавжуд бўлиб, айни пайтда қаттиқ ёқилғи тарқатиш ишлари олиб борилмоқда.
Харидорларга эса Ангрен қўнғир кўмири ва маҳаллий хом ашёдан олинадиган кўмир брикетлари, импорт қилинадиган 4523 тонна кўмир таклиф этилмоқда. Ҳозирда аҳоли 6134,1 тонна кўмир ва кўмир маҳсулотлари сотиб олган бўлиб, уларнинг 17 фоизи ёки 113,4 тоннаси чет элдан келтирилган қаттиқ ёқилғидан иборат. Вилоят кўмир омборларида аҳолига мўлжалланган қаттиқ ёқилғи захираси эса 12 168,7 тоннани ташкил этади.
Аввалроқ Қашқадарёда кўмир омборларига келтирилаётган қаттиқ ёқилғининг ярми кўмир кукуни экани маълум бўлгани ҳамда Тойлоқда боғча тарбиячилари «қўлбола брикет» тайёрлашга мажбур қилинмагани ҳақида хабар қилинганди.