Тойлоқда боғча тарбиячилари «қўлбола брикет» тайёрлашга мажбур қилинмагани айтилди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида 2 ноябрь куни боғча тарбиячилари «қўлбола брикет» тайёрлашга мажбур қилинмагани айтилди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда 2 ноябрь куни «Аёллар ‘қўлбола брикетʼ тайёрламоқда» деган изоҳ билан сурат тарқалиб, бу Самарқанд вилоятида эканлиги айтилганди. Мазкур ҳолат вилоят Мактабгача таълим бошқармаси томонидан ўрганилди ҳамда сурат Тойлоқ туманидаги 30-МТТда олинганлиги аниқланди.

Таъкидланишича, бошқарма бошлиғи Шуҳрат Раҳмонов ҳамда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жаҳонгир Ҳақбердиев 30-МТТдаги ҳар бир ходим билан суҳбат қилган. Ушбу жараёнда ходимлар ўз хоҳиши билан иштирок этганлиги, ташкилот фаолиятини кайта бошланмаганлиги боис вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида кўмир кукуни чиқиндига чиқмасин деб «қўлбола брикет» тайёрлашганини билдирди. Ходимларга бу нотўғрилиги тушунтирилди.

Фото: Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати

Тарбиячи-педагогларнинг асосий вазифаси таълим-тарбия сифатини ошириш, ўз билимларини бойитиш, хўжалик ишлари учун эксплуатация бўлими масъуллиги алоҳида қайд этилди. Таъкидлаш жоизки, ўз вақтида бу каби ҳолатлар юзага келмаслиги бўйича тарғибот ишлари олиб борилмаганлиги ва масъулиятсизлиги учун туман МТБ раҳбари Мавсума Мирвафоева ҳамда 30-МТТ директори Матлуба Нурматовага белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилиши таъкидланди.

Боғчанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳам кўздан кечирилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш борасида муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Аввалроқ Пастдарғомда коронавирусга қарши курашга жалб этилган тиббиёт ходимларининг иш ҳақи нега тўланмагани маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар