Наманганда ўқитувчилар маошидан мактаб чиқимига пул йиғилаётгани ҳақидаги хабар рад этилди
Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги 16-умумтаълим мактабида «Ўқитувчилар маошидан мактаб чиқими учун 100 минг сўмдан ушлаб қолиняпти» сарлавҳали хабар тарқалди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, хабарда ўқитувчиларнинг ҳар ойлигидан мактаб чиқимлари учун деб, камида 100 минг сўмдан ушлаб қолинаётгани, бу йил ўқувчилардан ҳам 25 минг сўмдан таъмирлаш учун, деб йиғдирилгани, пул йиғолмаган ўқитувчиларнинг ўзидан мажбуран пул йиғилгани баён этилган.
Мазкур холатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят Xалқ таълими бошқармаси ҳамда Наманган шаҳар Xалқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, мактаб раҳбарияти хабардорлигида суриштирув ишлари ўтказилди.
«Ўтказилган суриштирув натижасига кўра, мактаб директори Н.Акбарова мактабнинг бошланғич синф ўқитувчилари учун очилган Telegram гуруҳга мактабни таъмирлаш учун ота-оналар ҳомийлиги юзасидан киритилган таклифни тўғри тушунмаганликлари, синфдаги мавжуд ҳомийлик қилиш истагини билдирган ота-оналар билан ишлашлари кераклиги тўғрисида 2020 йил 19 майда SMS-хабар юборган.
Суҳбат давомида педагоглар жамоасидан ҳеч қандай пул маблағи йиғилмаганлиги, ҳомийлик қилиш истагини билдирган ота-оналардан К.Низамов мактаб таъмири учун 3,5 миллион сўм маблағ бергани маълум бўлди. Шунингдек, ҳар ойлик маошдан 100 минг сўмдан йиғилган, деган гап-сўзлар педагогик жамоа томонидан рад этилгани, пандемия даври бўлганлиги сабабли мактаб ўқитувчи ва ишчи ҳодимларининг ойлик маошлари 100 фоиз ўз шахсий пластик карталарига ўтказиб берилганлиги аниқланди», — дейилади хабарда.
Aввалроқ Халқ таълими вазирлиги «сўконғич ўқитувчи» видеосига расмий муносабат билдиргани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Aндижон вилояти Халқ таълими бошқармаси мактаб таъмири муассаса раҳбарлари ва ўқитувчилар ҳисобидан амалга оширилиши учун ҳеч қандай топшириқ берилмаганини маълум қилганди.
Ундан ташқари, Жондордаги 21-мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани тўғрисидаги хабарга расмий муносабат билдирилди.