Жондордаги 21-мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани тўғрисидаги хабарга расмий муносабат билдирилди

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси 15 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Жондор туманидаги 21-мактабда ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаётганлиги ҳақидаги хабарга расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, мазкур маълумот халқ таълими бошқармаси томонидан эътиборга олиниб, мавжуд ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор ўрганишлар олиб борилган.

Aниқланишича, 14 август куни мактаб директори янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва қилинадиган вазифаларни белгилаб олиш мақсадида раҳбар ходимлар билан йиғилиш ўтказган. Йиғилишда, хусусан, мактаб биносининг тозалиги ва ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида тўхталиб, бу борада мактабнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосарига зарурий кўрсатмалар берилган ҳамда ишчи хизматчиларнинг бу борадаги фаолиятини назоратга олишни топширилган.

Бироқ мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари шу куни мактаб ўқитувчилар гуруҳига 17 август кунидан мактабда иш бошланиб, ҳамма тозалаш ва ободонлаштириш ишларига жалб этилиши ҳақида хабар қолдирган.

«Вазиятдан ўз вақтида хабардор бўлган вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ушбу ҳолат бартараф этилди. Берилган топшириқларни ўқитувчиларга нотўғри етказганлиги сабабли ўқув ишлари бўйича директори ўринбосарига ва назоратни тўғри ташкил этмаганлиги учун мактаб директорига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди.

Ўқитувчилар ўз фаолияти доирасига кирмайдиган ишларга жалб этилмаслиги, бу борада қонуний жавобгарлик талаб этилиши борасида мактаб жамоаси ва туман халқ таълими бўлими ходимлари орасида тушунтириш ишлари олиб борилди», — дейилади муносабатда.

Aввалроқ Халқ таълими вазирлиги «сўконғич ўқитувчи» видеосига расмий муносабат билдиргани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Aндижон вилояти Халқ таълими бошқармаси мактаб таъмири муассаса раҳбарлари ва ўқитувчилар ҳисобидан амалга оширилиши учун ҳеч қандай топшириқ берилмаганини маълум қилганди.

Янгиликлар