Пастдарғомда коронавирусга қарши курашга жалб этилган тиббиёт ходимларининг иш ҳақи нега тўланмаганига изоҳ берилди
Самарқанд вилоят Молия бош бошқармаси коронавирусга қарши курашга жалб этилган пастдарғомлик тиббиёт ходимларининг иш ҳақи нега тўланмаганига изоҳ берди. Бу ҳақда бошқарма ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 27 октябрь, сешанба куни ижтимоий тармоқларда «Пастдарғомдан жалб этилган тиббий ходимларга ҳалигача иш ҳақи тўланмади» сарлавҳаси остида мурожаат тарқалган. Мазкур мурожаат молия органлари томонидан ўрганиб чиқилган.
Аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам Самарқанд шаҳрида ташкил этилган коронавирусга қарши курашиш ва қайта тақсимлаш марказига жалб этилган Пастдарғом тумани Тиббиёт бирлашмасида ишловчи тиббиёт ходимларининг рўйхати вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармасига тақдим этилмаган.
Вилоят Молия бош бошқармасининг маълум қилишича, Республика махсус комиссияси коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган ходимларининг рўйхати исм-фамилиялар билан шакллантирилган табеллар раҳбарлар томонидан тасдиқланган ҳолда тегишлилиги бўйича соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармаларига ҳар 5 кунда тақдим этиб бориши белгиланган.
Таъкидланишича, Соғлиқни сақлаш бошқармаси агентлик ва ҳудудий СЭОМлари томонидан тегишлилиги бўйича тақдим этилган ходимлар рўйхати асосида, талабномаларни жамлаган ҳолда буйруқ қабул қилинади. Мазкур талаб этиладиган маблағ молия органлари томонидан жалб қилинган ходимларнинг асосий иш жойи ҳисобланган муассасаларга ўтказиб берилади.
Хабарга кўра, Пастдарғом туманида ишлаган ходимларнинг муаммоси бартараф этилиб, 30 октябрь, жума куни Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ходимларнинг пластик карталарига пул маблағлари ўтказиб берилиши белгиланган.
Аввалроқ Тошкентда 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти тикланиб, ходимларнинг пуллари тўлаб берилгани ва Газли шаҳар касалхонаси тиббиёт ходимлари пулини ололмаётгани рад этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Кейинчалик Избоскандаги тиббиёт муассасасида COVID-19‘га чалинган ходимлар ишлаётгани ҳамда Асакада врачлар ҚВП биноси битса ҳам, шароити оғир мактаб биносида беморларни даволаётгани рад этилганди.