Бухорода «Damas» салонидан 300 доллар ўғирлаган 19 ёшли йигит қўлга олинди

Бухоро шаҳрида йўл ёқасида турган «Damas» русумли автомашина салонидан 300 АҚШ доллари ўғирлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, 26 октябрь куни тахминан соат 20:10 оралиғида Бухоро шаҳар Максим Карим кўчаси, 3-уй олдидан ўтган йўл ёқасида турган, «Damas» русумли автомашина салонидан 300 доллар яширин равишда ўғирланган.

Бухоро тумани, Тор-тор маҳалла кўчасида яшовчи, 1991 йилда туғилган Б.Ж. шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ўзига тегишли автомашинадан пул ўғирланганини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар, Ҳавзи Бодом кўчасида яшовчи, 2001 йилда туғилган И.М. содир қилганлиги аниқланган. Ҳозирда гумонланаётган шахс И.М.га нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Шофирконда сейфдан салкам 83 миллион сўм ўғирлаган 22 ёшли йигит қўлга олингани ва мазкур тумандаги устахонадан 5 миллион сўмлик «карчер» ўғирлаган йигит қўлга тушгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар