Тошкентда ўқувчиси ток уриб вафот этган мактабнинг директор ўринбосари қамоққа олинди
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабнинг 8-синф ўқувчиси муассаса ҳудудида ток уриши натижасида вафот этиши ортидан қўзғатилган жиноят иши доирасида мактабнинг «замдиректор»и қамоққа олинди.
Қайд этилишича, мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Аввалроқ ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186- ва 207-моддалари (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди.