ИИВ диний экстремистик маълумотларни тайёрлаш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатди
Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида тарқалаётган радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт ғояларни тарғиб қилувчи маълумотлардан огоҳлантирди.
«Aйни кунларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт ғояларни тарғиб қилувчи маълумотлар тарқалмоқда.
Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт бўлган ғояларни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-модда, 244 прим 3-моддаларида белгиланган жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирамиз.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини (журналист, блогер ва фуқаролар) омма эътиборига ҳавола қилинаётган маълумотларни, аввало, қонунга хилоф эмаслигини ўрганиб чиқишингизни сўраймиз».
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати
Aввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги карикатура билан боғлиқ баҳсларга муносабат билдиргани ҳақида хабар берилганди.