Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов журналист ва блогерларга мурожаат йўллади
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов журналист ва блогерларга мурожаат йўллаб, уларни конструктив ҳамкорликка чақирди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти билан боғлиқ кўплаб тасвирлар ва мақолалар жойлаштирилмоқда. Мазкур очиқлик ўз ўрнида ходимларнинг жамоатчилик назоратида эканлигини уқтириш билан бирга, хизматдаги камчиликларини аниқлаб, бартараф этишга ҳамда тизимни номуносиб ходимлардан тозалашга ёрдам бермоқда.
Шу билан бирга, айрим ҳолатларда ходимларнинг ҳаракатлари ортидан пиар қилиш, ҳақиқатдан йироқ бўлган баёнотлар орқали уларни обрўсизлантиришга уриниш, ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган шахсий адоватни ижтимоий тармоқларга чиқариш каби носоғлом тенденция ҳам кузатилмоқда.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг ўзида, ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган 1470 дан ошиқ маълумотлар тарқатилгани аниқланган. Ушбу хабарларнинг деярли 60 фоизи чет элда рўйхатдан ўтган аккаунтлар орқали чиқарилгани маълум бўлган. Бу борада юздан ошиқ фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, маълумот тарқатиш маданиятига риоя қилиш борасида суҳбатлар ўтказилган.
«Ички ишлар органларида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш масаласи ҳам аниқ тизимлик асосида йўлга қўйилган, айниқса ходимларнинг хатти-ҳаракатлари устидан тушган шикоятларнинг биронтаси ҳам эътиборсиз қолдирилмайди. Ички ишлар вазирлигининг ахборот хизмати барча журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ юритувчиларини конструктив ҳамкорликка чақиради, соҳадаги ўзгаришлар, ижобий ишлар билан шахсан танишишларига имконият яратиб беради. Ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳар қандай ахборот ёки танқидий баёнот субъективизмдан йироқ бўлишини ҳамда холисликни акс эттиришини сўрайди», дейилади хабарда.
Аввалроқ Учқўрғонда ИИБ ходимлари ҳайдовчига куч билан тиббий ниқоб тақтирмоқчи бўлди. Вилоят ИИБ ҳолат бўйича муносабат билдиргани ҳақида хабар берилганди.