Ўзбекистон хоккейчилари «Осиё болалари» ўйинларидан ғалаба билан қайтишди
Россия Федерациясида ўтгазилган «Осиё болалари» халқаро ўйинларида Ўзбекистон хоккей жамоаси «Б» гуруҳида иштирок этиб юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Натижада ғалаба қозонишга эришилди. 4 март куни ёш хоккейчиларни Тошкент аэропортида тантанали равишда кутиб олишди.
Сўнгги учрашувда ёш хоккейчилар Қирғизистонлик рақиблари устидан ғалаба қозонишди. Кемерово вилоятнинг Новокузнетск шаҳридаги «Кузнетский муз» муз саройида бўлиб ўтган ўйинда Ўзбекистонлик ёш хоккейчиларимиз яхши тайёргарликни намойиш этди.
«Мамлакатда хоккей ва айниқса болалар хоккейини ривожлантиришига қаратилган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини кўриш қувонарли ҳолат. Хоккей нафақат миллионлаб мухлислар севадиган ўйин, балки ёш авлодни энг яхши спорт анъаналарида тарбиялашдир», — деди Ўзбекистон хоккей Федерацияси президенти Бахтиёр Фазилов.
Эслатиб ўтамиз, «Осиё болалари» мусобақаси Ўзбекистон болалар хоккей жамоаси учун биринчи чиқиши ҳисобланади.
«Осиё болалари» II халқаро қишки спорт ўйинлари дастуридан чанғи спорти, тезкор конькида учиш, фигурали учиш, хоккей, чанғида сакраш, эркин услуб, сноуборд, чанғи спорти ва қор волейболи жой олган. Мусобақаларда Беларус, Қозоғистон, Арманистон, Афғонистон, Мўғулистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Россия ва бошқа мамлакатлардан мингдан ортиқ ёш спортчилар иштирок этган.