Сирдарёда янги уй-жойларни қуришдаги талон-торожликлар аниқланди
Гулистон туманида янги уй-жойларни қуришдаги талон-торожлик аниқланган. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар қилди.
Маълум бўлишича, «Юлдуз» маҳалласида янги қурилган уй-жойларда ўтказилган назоратда «А.О’.» МЧЖ раҳбари ҳисоб-фактураларга амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 272,3 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Гулистон туман бўлими томонидан аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жамият раҳбари А.Ю.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.