Saneg янги нефть базасини ишга туширди

Логистика мажмуаси Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятини бензин ва дизель ёқилғиси билан таъминлаш имконини беради. Кунлик ёқилғи реализацияси 1,5 минг тоннани ташкил этади.

Нефть маҳсулотларини сақлаш ва тарқатиш терминали Тошкент халқаро аэропортидаги самолетларга хизмат кўрсатиш учун ёқилғи қуйиш мажмуаси ҳудудида жойлашган.

Терминалнинг асосий мақсади темир йўл цистерналаридан енгил нефть маҳсулотларини қабул қилиб олиш ва уларни кейинчалик қайта юклаш учун цистерналарда сақлашдан иборат.

Нефть маҳсулотларини сақлаш учун умумий ҳажми 12 минг кубометр бўлган 6 та вертикал пўлатли резервуардан иборат паркдан фойдаланилади.

«Айни пайтда нефть базасида Фарғона НҚИЗда ишлаб чиқарилган АИ-92 ва АИ-80 русумли автобензинлар ҳамда дизель ёқилғисини юклаш ва тушириш ишлари олиб борилмоқда. Янги логистика мажмуасининг ишга туширилиши туфайли сифатли ёқилғига ортиб бораётган талабни қондириш ва бир соат ичида пойтахтимиздаги ёқилғи қуйиш шохобчаларига товар жўнатишни таъминлаш имкониятига эга бўламиз. Бунинг учун логистика жараёнига 39 та ёнилғи ташувчи автомашиналар жалб этилган», — деди Saneg бош директорининг тижорат масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Шерназаров.

Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Лойиҳанинг EPC-пудратчиси – Enter Engineering компанияси.

Янгиликлар