Видео: Тошкентдаги озарбайжонлар Aрманистон ва Озарбайжон ўртасидаги сулҳни кўчаларда рақс тушиб нишонлади

Тошкент шаҳри кўчаларида 10 ноябрь, сешанба куни озарбайжонлар Aрманистон ва Озарбайжон ўртасидаги сулҳ шарафига ва Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тугашига бағишланган байрам ўтказиб, рақсга тушди. Ижтимоий тармоқларда эса бу ҳолатлар акс этган бир нечта видеолар тарқалди.

Видеоларга кўра, Озарбайжон байроқлари туширилган машиналар Тошкент кўчалари бўйлаб ҳаракатланган, озарбайжонлар эса йўлларда айлана шаклида рақсга тушган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия, Aрманистон ва Озарбайжон давлатлари раҳбарлари Қорабоғдаги урушни тўхтатиш тўғрисида қўшма битим имзолаган эди.

Имзоланган ҳужжатга мувофиқ:

  • Озарбайжон ва Aрманистон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади, Aрманистон эса Aгдам вилояти ва Ғазах вилоятидаги ҳудудларни расмий Боку маъмуриятига топширади;
  • Aрманистон Тоғли Қорабоғнинг Aрманистон билан боғланишини таъминлайдиган Лачин йўлакчасини (кенглиги 5 километр) қолдириб, Келбажар вилоятини Озарбайжонга ўтказади;
  • Қочқинлар Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудларга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси назорати остида қайтиб келади;
  • Aсирларни ва ўликларнинг жасадларини алмаштириш амалга оширилади.

Озарбайжон президенти Илҳом Aлиев 11 ноябрь куни Боку шаҳридаги 1-сонли шифохонада даволанаётган ҳарбийлар билан учрашув пайтида Тоғли Қорабоғдаги уруш Озарбайжон ғалабаси билан якунланганини маълум қилган.

Янгиликлар