Илҳом Aлиев Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғдаги урушда ғалаба қозонганини эълон қилди
Илҳом Aлиев 11 ноябрь куни Боку шаҳридаги 1-сонли шифохонада даволанаётган ҳарбийлар билан учрашув пайтида Тоғли Қорабоғдаги уруш Озарбайжон ғалабаси билан якунланганини маълум қилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга таяниб, «РБК» хабар берди.
«Ватан уруши тугади. Озарбайжон ушбу урушда ёрқин ғалабани қўлга киритди, ерларимиз оккупациядан озод қилиниб, босқинчилар қувиб чиқарилди», — дея аскарларга мурожаатни бошлаган Aлиев.
Президентнинг таъкидлашича, Иккинчи Қорабоғ уруши Озарбайжон учун тарихдаги шонли ғалаба бўлиб қолади. Шунингдек, давлат раҳбари бу маросимни Иккинчи Жаҳон уруши пайтида фашистлар ва уларнинг иттифоқчилари таслим бўлишини имзолаш жараёни билан таққослаган.
Қайд этилишича, Қорабоғдаги жанглар шиддатли кечган, чунки Aрманистон ушбу ҳудудни назорат қилган йилларда бу ерда мустаҳкам истеҳкомлар қурилган. Шу билан бирга, Aлиевнинг таъкидлашича, 30 йил ичида деярли барча фуқаролик иншоотлари бузилган. «Озод қилинган ерларнинг манзараси Aрманистон ҳукумати озарбайжон халқига нисбатан нафрат билан яшаганлигини кўрсатади, акс ҳолда, нима учун барча биноларни бузиш керак? Озод қилинган ҳудудларимизнинг деярли 99 фоизи вайрон қилинган», — деган Озарбайжон президенти.
Aлиевнинг айтишича, Озарбайжон Ереван ва тан олинмаган Aрсах республикаси кучлари назорати остида бўлган даврда ушбу ҳудудларга етказилган моддий зарар учун Aрманистондан товон пули талаб қилади. Халқаро экспертлар таклиф қилиниб, улар иштирокида барча иншоотларга етказилган моддий ва маънавий зарар ҳисоблаб чиқилади.
Мавзуга доир:
Эслатиб ўтамиз, Aрманистон, Озарбайжон ва Россия раҳбарлари 10 ноябрга ўтар кечаси Тоғли Қорабоғда уруш тугаганлигини эълон қилганди. Расмий Ереван тан олинмаган республиканинг бир нечта туманларини Бокуга ўтказишга рози бўлган.