Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқариш бошланади

Вазирлар Маҳкамасининг 29 декабрь кунги қарорига биноан Ўзбекистон ҳукумати «Ўзавтосаноат» компаниясини фақат электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтказишни режалаштирмоқда.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Ўзбекистонда электромобилларни сотиб олишда ва уларни вақтинчалик олиб киришдаги йиғимлар бекор қилинади. Ҳужжат «Ўзавтосаноат»ни фақат электр двигателлари бўлган автомобиллар ва автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришга ўтказишни назарда тутади. 2021 йил 1 февралгача компанияга хорижий мутахассислар ва консалтинг компанияларини жалб қилиш ва концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.

Бундан ташқари, мамлакат ичкарисида электр транспорт воситаларини сотиб олиш ёки вақтинча олиб кириш учун йиғим (автомобилни Ички ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтказишда тўланади) бекор қилинади. Молия вазирлиги 2021 ва ундан кейинги йиллар учун буджетни шакллантиришда буни ҳисобга олиши керак.

Масъул вазирликларга ҳокимликлар билан биргаликда икки ой ичида электр транспорти учун қувват олиш станцияларини (терминалларини) ўрнатиш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш топширилган.

Аввалроқ Жиззахда ноябрдан «КIА» автомобилларининг янги моделлари ишлаб чиқарилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда «Changan» бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилиши хабар қилинган.