Жиззахда ноябрдан «KIA» автомобилларининг янги моделлари ишлаб чиқарилади

Жиззах эркин иқтисодиёт зонасидаги «ADM-Jizzakh» заводида ноябрь ойидан бошлаб энг янги моделлардан бўлган «KIA Seltos» ва «KIA K5» автомобилларини йиғиш бошланади. Бу ҳақда «Газета.uz»га «Roodell» компанияси матбуот хизмати хабар берди.

«KIA Seltos»
Фото: «KIA Motors»

Таъкидланишича, завод мультибренд хусусиятига эга бўлиши кўзда тутилган. Келгусида у ерда жаҳонга машҳур бошқа бир қатор брендлар автомобилларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳамкор дилерлик тармоқлари орқали МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

«Мутлақо янги бўлган хусусий авто ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши — Ўзбекистон бозори учун шунчаки тижорат янгилиги эмас, балки олиб борилаётган янги ислоҳотлар, ҳам инвесторлар, ҳам истеъмолчилар учун янги шароитларнинг яратилиши натижасидир. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, мамлакатда ҳақиқатан ҳам автомобиль тарихининг янги даври бошланмоқда, бу бир нечта глобал автомобиль брендларининг ишлаб чиқарила бошлаши, яъни ўзбек бозорига кириб келиши билан боғлиқ.

Биз янги инвесторлар учун макон, бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва дистрибуциялаш бозорини шакллантириш, дилерлик ва логистика марказларини қуриш учун шароит яратмоқдамиз. Фаолиятимизнинг дастлабки йилида турли учта машҳур автобренднинг автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганмиз».

Данияр Давлетияров, «Roodell» бош директори

Ҳозирда Жиззах эркин иқтисодиёт зонасида завод қурилишининг якуний босқичи давом этмоқда ва турли конфигурацияга эга бўлган автомобилларни ишлаб чиқариш учун мўлжалланган иккита технологик линиясини ўрнатиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Биринчи босқичда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 25 минг донани ташкил этади. Иккинчисида 2022 йил якунига қадар пайвандлаш, кузовни бўёқлаш ва йиғув цехлари ишга туширилганидан кейин ушбу кўрсаткич 100 мингтага кўпаяди.

Қайд этилишича, автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда маҳаллий, хорижий корхоналар учун янги истиқболларни яратиш ва ишлаб чиқарилган автомобиллар экспортини таъминлаш «Roodell»нинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Aвтомобилларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган технологик линия «KIA Motors»нинг Россиядаги минтақавий бош ваколатхонаси иштирокида яратилган. Компания ўз тажрибаси ва экспертизасини «Roodell» раҳбарияти билан ўртоқлашиб, ҳамкорликни муваффақиятли давом эттириши кутилмоқда.

Aввалроқ Наманганда «Changan» бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Навоий эркин иқтисодий зонасида Эрон билан ҳамкорликда «Navoiy Motors» қўшма корхонаси фаолияти йўлга қўйилаётгани хабар қилинган.

Янгиликлар