Фарғонада қиймати 26 млн сўмлик гашиш сотган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 29 июль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ж.М. гашиш гиёҳванд моддасини сотаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, фуқаро «Янгиараб» маҳалласида жойлашган чойхонада гашиш гиёҳвандлик воситасини 26 миллион сўм эвазига сотган вақтида ушланиб, холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинган.

Ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Aввалроқ Фарғонада томорқасида бир туп каннабис етиштирган шахс қўлга олингани ҳақда хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Фурқат тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар