Талабалар турар жойига ҳужжатларни қабул қилиш бошланди

Ягона давлат хизматлари портали матбуот хизмати ётоқхоналардан жой беришда фуқароларнинг қайси тоифаларига устувор аҳамият берилаётганини маълум қилди.

2024/2025 ўқув йили учун талабалар турар жойига ариза топшириш жараёни 1 августдан старт олди. Аризаларни my.gov.uz орқали бепул юборишингиз мумкин.

Шунингдек ётоқхона билан таъминлашда фуқароларнинг қуйидаги тоифаларига устуворлик берилиши ҳабар қилинди:

• меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар;

• ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари («Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»);

• ногиронлиги бўлган талабалар;

• бир оиладан икки ва ундан ортиқ тўлов-контракт асосида ўқийдиганлар;

• фан олимпиадалари ғолиблари;

• «йил талабаси» ва бошқа танловлар ғолиблари;

• талабалар турар жойида фаол талабалар (масалан, талабалар кенгаши раиси ёки қават сардори).

Қайд этилишича, 2024/2025 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг 1-курсига ўқишга кириш учун тавсия этилган абитуриентлар якуний натижалар эълон қилинганидан кейин ҳужжат топширишлари мумкин.

Янгиликлар