Тошкент—Чимён йўлида бир неча километрлик «пробка» юзага келди — видео

Тошкент шаҳридан Чимён  дам олиш зонасига олиб борувчи йўлда 2 январь куни бир неча километрлик тирбандлик юзага келди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва хабарларда йўл тўсиб қўйилгани айтилган.

Фото: Тошкент вилояти Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ушбу вазият юзасидан расмий муносабат билдирган. Унга кўра, Янги йил байрами муносабати билан 1, 2, 3 январь кунлари дам олиш куни деб белгиланган. Шу сабабли республиканинг барча ҳудудларидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги тоғли ҳудудларда жойлашган дам олиш масканларига узлуксиз равишда фуқаролар келаётганини қайд этилган.

Бўстонлиқ туманидаги тоғли ҳудудларда жойлашган дам олиш масканлари 2 январь куни соат 10:00 га қадар масканнинг автотураргоҳлари автомобиллар билан тўлганлигини, ушбу автомобиль йўлининг ўтказувчанлик қобилиятини инобатга олиб, шунингдек тоғли ҳудудларда автомобиллар ҳаракатланиши мураккаблигини ҳисобга олиб, тик нишабликларда транспорт воситаларини тўҳтаб қолиб хавфли ҳолат содир этмасликларини олдини олиш мақсадида «4Р-12» автомобиль йўлининг 61-километрида яъни тоғли ҳудуднинг бошланиш қисмида вақти-вақти билан транспорт воситаларининг ҳаракати чекланган.

«Фуқаролардан ушбу амалга оширилаётган ишлар фуқороларнинг тоғли йўлларда хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида амалга оширилаётганини тушунишларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Янгиликлар