Ўзбекистонда шубҳали битимларни амалга оширган 400 га яқин тадбиркорлик субъектлари рўйхати шакллантирилди

Ўзбекистонда тадбиркорлар фаолиятини қонунийлигини аниқлашга имкон берувчи янги сервис яратилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: soliq.uz

Хабарга кўра, яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларини ноқонуний камайтиришга қаратилган шубҳали битим (операция)ларни амалга оширган 396 та тадбиркорлик субъекти рўйхати шакллантирилди.

Таъкидланишича, солиқ суммаларини ноқонуний камайтиришга қаратилган шубҳали операцияларни амалга оширган корхоналарни аниқлаш мезонлари қўйидагилардан иборат:

– Таъсисчилигида (раҳбарлигида) рўйхатдан ўтган икки ва ундан ортиқ тадбиркорлик субъектлари қисқа муддат (1 йил) фаолият юритган ҳолда 100,0 млн сўм ва ундан ортиқ солиқ мажбуриятини (солиқ қарзини) бажармаган ҳолатлар мавжудлиги;

– Бир йил давомида уч ва ундан ортиқ ҳудудга юридик манзилини ўзгартириши;

– Фаолият бошлаган даврдан бошлаб, қисқа муддатларда йирик миқдорда товар айланмасини амалга ошириб, расмий ишлаётган ходимлар сонини кам кўрсатиш;

– Расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаши, улардан фойдаланиши ва реализация қилиниши;

– Харид қилинган товарларнинг (шу жумладан, импорт) реализация қилмасдан қолдиқда акс эттирилиши ва (ёки) товар қолдиғи мавжуд бўлган ҳолда қўшимча равишда айнан шу товарларнинг харид қилиниши;

– Солиқ мажбуриятини бажармаган субъектларни ўзига қўшиб олиш натижасида банкротлик эълон қилиши;

– Солиқ тўловчи томонидан қайд этилган манзил (бозорлар, савдо комплекслари ва бизнес марказлар бундан мустасно) бир нечта (уч ва ундан ортиқ) солиқ мажбуриятини бажармаганлиги натижасида банкрот деб топилган, шунингдек, солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган бошқа солиқ тўловчилар томонидан кўрсатилган манзил билан мос келиши;

– Ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузиш (операциялар амалга ошириш) орқали солиқларни тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик фактлари аниқланганда;

– Тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаларни камайтириш тарзидаги ҳуқуқни суиистеъмол қилган (шубҳали) корхоналар рўйхатига киритилган субъектлар билан бир неча марта (икки ва ундан ортиқ) операцияларнинг амалга оширилиши.

Қайд этилишича, «шубҳали» корхоналар рўйхатига кирган солиқ тўловчиларга ҚҚС гувоҳномаси берилмаслиги (ёки бекор қилиниши), шунингдек, ҚҚС суммаси ҳисобга олинмаслиги, шу жумладан, уларнинг контрагентлари учун ҳам мумкин.

Ушбу рўйхатга кирган 396 та корхона ва уларнинг 10 мингга яқин контрагентларига тегишли хабарномалар юборилган. Агарда улар аниқлаштирилган солиқ хисоботи тақдим қилиб, ҳисобланган солиқ суммаларини тўласа, ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқмаслиги ва мазкур рўйхатдан чиқариш имконияти пайдо бўлади.

Мазкур рўйхат асосидаги сервис тадбиркорлар ва аҳоли орасида қонуний бизнес юритишнинг нуфузини оширишга ҳамда ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан муросасизлик ҳиссини шакллантиришга хизмат қилади.

Янгиликлар