БАА компанияси Навоийда биринчи шамол электр станциясини қуришни бошлади

1 апрель куни БААнинг Masdar компанияси томонидан Навоий вилоятининг Зарафшон туманида шамол электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва  ташқи савдо вазирлиги маълум қилди.

Фото: Инвестициялар ва  ташқи савдо вазирлиги

Маълум бўлишича, Masdar компанияси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги ўртасида қурилаётган электр станциясининг лойиҳавий қувватини 500 МВтдан 1,5 ГВтгача ошириш бўйича битим имзоланган.

«Бугунги тадбир биз нафақат ушбу лойиҳани амалга оширишда, балки Ўзбекистон  Ҳукуматига тоза энергия соҳасидаги мақсадларини рўёбга чиқаришда кўмаклашишда ҳам сезиларли ютуқларга эришганимизни билдиради. Шамол энергетикасини ривожлантириш бўйича жаҳон етакчиси сифатида Masdar компанияси Ўзбекистоннинг кам углеродли энергетикага ўтиш стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани ва мамлакат ҳукумати билан барқарор ривожланишни таъминлаш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаётганидан фахрланади», – деди Муҳаммад ал-Рамаҳи.

Қайд этилишича, ўтган йили Masdar компанияси Ўзбекистон билан Навоий вилоятининг Зарафшон туманида қуввати 500 МВт бўлган Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш, уни қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича икки томонлама битимлар имзолаган. Станция компаниянинг муқобил энергетика соҳасида минтақадаги иккинчи лойиҳаси бўлади.

Таъкидланишича, 600 миллион долларга баҳоланган лойиҳа кенгайтирилгандан сўнг қарийб 1,8 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши кутилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа қувватининг 1,5 ГВтга оширилиши келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган шамол электр энергияси миқдорини 3 ГВтга етказиш ва муқобил энергия манбаларининг мамлакат умумий энергия балансидаги улушини 26 фоизга етказиш мақсадларига эришишга имкон беради.

Фото: sof.uz

Зарафшон туманидаги шамол электр станцияси 2024 йилнинг охиригача тижорий фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. 500 МВт қувватга эга лойиҳа 500000 та хонадонга етарли ҳажмда электр энергияни ишлаб чиқаришни ва атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 миллион тоннага камайтиришни таъминлаб бериши кўзда тутилган эди. Эндиликда бу рақамлар мос равишда 1,5 миллион хонадон ва 3,3 миллион тонна карбонат ангидридга кўпаяди.

Янгиликлар