Ромитанда 150 ўринли хусусий боғча фойдаланишга топширилди (фото)
Бухоро вилояти Ромитан туманида янги боғча фойдаланишига топширилди. Бу ҳақда вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Таъкидланишича, Ромитан туманида 31 та давлат, 7 та давлат хусусий шериклигидаги, 32 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатади. Улар сафига «Урганжиён» маҳалласида замонавий лойиҳа асосида барпо этилган давлат хусусий шериклигидаги икки қаватли «Сарвиноз-2018» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам қўшилган.
Маҳалла фаоллари ва ота-оналар иштирок этган тадбирда туман мактабгача таълим бўлими мудири Дилафрўз Нурова барчани ана шундай замонавий иншоот билан табриклаб, болалар учун яратилган шарт-шароит хусусида тўхталди.
Мазкур муассасада 150 нафар бола тарбияланади. «Сарвиноз-2018» нодавлат хусусий боғчани қуриш ва жиҳозлаш мақсадида тижорат банкининг қўллаб-қувватлаши билан 3 миллиард 762 миллион сўм маблағ ўзлаштирилган.
Натижада иншоотда фаолият юритадиган 6 та ёш гуруҳидаги болалар учун машғулот ва ўйин хоналари, ошхона, мусиқа зали, услубхона, руҳшунос, жисмоний тарбия йўриқчиси хоналари алоҳида жиҳозланган.
Aввалроқ Ромитанда 210 ўринли янги мактаб биноси фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.