Пешкуда қайта таъмирланган сув иншооти фойдаланишга топширилди
Бухоро вилояти Пешку туманидаги «Зандани» МФЙда жойлашган сув иншоотининг таъмирлаш ишларидан сўнг 24 сентябрь, пайшанба куни очилиш маросими ўтказилди, деб хабар берди туман ҳокимлиги матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, ушбу сув иншооти 2014 йилда курилган бўлиб, ерости суви аҳоли истеъмоли учун яроқсиз бўлганлиги сабабли бир неча йиллардан буён иншоотнинг сувидан фойдаланилмаган. 2019 йил «Обод қишлоқ» дастури асосида иншоотда реконструкция ишлари амалга оширилиб, қўшимча равишда 5 километр узунликда сув қувури ўтказилган ҳамда сувни фильтрлаш ускунаси ўрнатилган.
Натижада маҳалла худудудаги 2 та қишлоқ, яъни Зандани ҳамда Янгиҳаёт қишлоқларидаги 287 та хонадон, 991 нафар ахоли ҳамда шу ҳудудда жойлашган ижтимоий объектлар: умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилоти, қишлок врачлик пункти, Иқтисодиёт касб ҳунар коллежи истеъмолга яроқли фильтрланган ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган.
Сув иншоотининг очилиш маросимида Пешку туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Амрилло Назаров, тумандаги барча сектор раҳбарлари, соҳага алоқадор вилоят ҳамда туман ташкилоти вакиллари иштирок этган. Тадбирда туман ҳокими жамоатчилик вакилларини тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги муносабати билан табриклаб, иншоотни барпо этишда ҳисса қўшган қурувчиларга миннатдорчилик рамзи сифатида тўн кийдирган.
Бундан ташқари, мазкур тадбир давомида «Зандани» МФЙ ҳудудидаги «темир дафтар»га киритилган 2 та эҳтиёжманд оиланинг 3 нафар фарзандининг суннат тўйи ўтказилган. Тўй болаларига туман ҳокимлиги ҳамда хомийларнинг совғалари топширилган.
Аввалроқ Қоракўлда «Тоза ҳудуд»нинг янги биноси фойдаланишга топширилгани ҳамда Наманганда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази биноси ишга тушгани ҳақида хабар берилганди.