Қоракўлда «Тоза ҳудуд»нинг янги биноси фойдаланишга топширилди
Бухоро вилояти Қоракўл туманида 23 сентябрь, чоршанба куни «Тоза ҳудуд» ДУК туман филиалининг маъмурий биноси, марказий техник базаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақида туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ташкилотнинг туман филиали тасаффурига берилган ер майдонида маъмурий идора, тиббиёт хонаси, ҳожатхона, моддий-техник марказ иншоотлари барпо этилган бўлиб, 20 ўринли гараж биносининг қурилиш жараёни давом этмоқда. Бино ён-атрофи кўкаламзорлаштирилиб, кириш йўлларига асфальт ётқизилган. Очилиш маросимида Бухоро вилоят «Тоза ҳудуд» ДУК раҳбари Насриддин Толипов, Қоракўл туман ҳокими Шерали Саломов ҳамда сектор раҳбарлари, бир гуруҳ фаоллар иштирок этган.
Тадбирда «Тоза ҳудуд» ДУКнинг Қоракўл туман филиалига 1 дона «Isuzu» русумидаги чиқинди ташийдиган махсус автомашина калити топширилган. Шу пайтга қадар филиалда 10 та чиқинди ташиш транспортлари бўлган. Шунингдек, тадбирда туман ҳокими бир гуруҳ ходимларга тўн ва эсдалик совғалари топширган.
Қоракўл тумани ҳокимлигининг берган маълумотларига кўра, «Тоза ҳудуд» ДУКнинг Қоракўл туман бўлими юридик ва жисмоний шахслар билан маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб хизмати кўрсатиш бўйича шартномалар тузишда ҳозирча 38 та МФЙ қамраб олинган. Яна 12 та маҳаллани йил сўнгигача қамраб олиш филиал маъмурияти томонидан режага киритилган.
Маълумот ўрнида, юқоридаги янгилик Президентнинг 2017 йил 21 апрелдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «2017—2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган.
Аввалроқ Самарқандда карантин ҳудудларидаги чиқинди қандай зарарсизлантирилиши маълум қилинганди.