Наманганда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази биноси фойдаланишга топширилди (фото)

Наманган вилояти Наманган шаҳрида лойиҳа қиймати 2 миллиард 338 миллион сўм бўлган аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг 3 қаватли биноси фронт-офис услубида бунёд этилган. Бинони жиҳозлаш учун салкам 255 миллион сўм сарфланган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Стандарт қурилиш таъминоти» масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилган мазкур марказ биносида касбларга қайта ўқитиш бўйича шароитлар яратилган. Марказ компьютер жиҳозлари ҳамда интернет тармоғи билан таъминланган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Мазкур марказнинг 10 сентябрда бўлиб ўтган очилиш маросими давомида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил қилинган ва ярмаркада 300 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар томонидан 3500 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Меҳнат ярмаркаси» Наманган шаҳрида ўтказилганида 186 нафар, Мингбулоқда ўтказилганида 102 нафар ва Чортоқда ўтказилганида 144 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда 67 турдаги касб-ҳунар бўйича кўргазма ташкил этилгани ҳақида маълум қилинди.