Чортоқда ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 100 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилди
Наманган вилояти Чортоқ туманида ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 100 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман 1-сонли касб-ҳунар мактабида туман ҳокимлиги, прокуратура, ИИБ, ДСИ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида бўш иш ўринлари «Меҳнат ярмаркаси» ўтказилди. Ундан мақсад туманда иш билан банд бўлмаган фуқаролар, жазо муассасаларидан озод этилган шахслар, нотинч оилалар, аёллар ва иш билан банд бўлмаган ёшларни ишга жалб қилишдир.
Ярмаркада Чортоқ туманидаги 35 та корхона ва ташкилот ўзларидаги мавжуд 530 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. 213 нафар фуқаронинг 128 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилиб, шундан 114 нафари ишга жойлаштирилди. Тумандаги 8-мактабга 5 нафар, 27-сонли мактабгача таълим ташкилотига 3 нафар фуқаро ишга қабул қилинди. 85 нафар фуқарога имтиёз ва кафолатлар, касб-ҳунарга ўқитиш, жамоат ишлари, меҳнат қонунчилиги юзасидан маслаҳатлар берилди.
Тадбир давомида тумандаги мавжуд тижорат банклари томонидан ярмарка иштирокчиларига имтиёзли кредитларни олиш, бу борадаги имконият ва қулайликлар бўйича тушунтиришлар берилди. Шу билан бир қаторда, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспекторлари томонидан аҳолига ўзини ўзи банд қилиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Маълумот учун, Наманганда «Меҳнат ярмаркаси»да 180 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижондаги «Меҳнат ярмаркаси»да 64 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлгани, Когонда 50 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизнинг бандлиги таъминлангани ҳамда Пахтаободда Андижон вилояти прокурори томонидан 14 нафар битирувчига тикув машинаси берилгани ҳақида хабар қилинганди.