Когонда 50 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди

Бухоро вилояти Когон туманида Миллий гвардия раҳбарлиги остидаги секторда 24 август, душанба куни ёшлар ва хотин-қизлар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Когон туманида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркаларнинг бирида иш излаган 30 нафардан зиёд ёшлар ва хотин-қизлар доимий иш ўринлари билан таъминланган. 20 нафардан ортиғи эса кунбай асосида фаолият юритиш учун Когон туманидаги фермер хўжаликларига бириктирилган.

«Доимий равишда ташкил этилаётган ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад талаб ва истакларни инобатга олган ҳолда ёшлар ва хотин-қизларга меҳнат бозоридаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар бериб, давлат идоралари, корхона ва ташкилотларнинг вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқотини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашдан иборатдир», дейилади хабарда.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Аввалроқ Бухорода Миллий гвардия ташкил этган сайёр қабулга 56 нафар ҳарбий хизматчи оила аъзоларидан мурожаатлар келиб тушгани, Миллий гвардия ходимлари томонидан Фарғонада аҳолининг муаммоларига ечим топиш учун уларга психологик ёрдам кўрсатгани ҳамда Бухорода оилавий шароити оғир фуқароларга қорамол тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Самарқандда илк бор Миллий гвардия хизматчиларининг оила аъзолари учун сайёр қабул ташкил этилгани, Фарғонада Миллий гвардия ходимлари томонидан аҳолига қўриқловни таъминлаш бўйича тушунтириш берилгани ва Андижонда бўйин ва бел умуртқасида муаммоси бор аёл Миллий гвардия томонидан касалхонага жойлаштирилгани маълум қилинганди.