Тошкент аэропортида мобил телефонларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш вақтинча тўхтатилди
Божхона қўмитаси ушбу қарорни сохта ёки рухсат этилмаган IMEI кодларига эга қурилмаларни ноқонуний олиб кириш ҳолатлари кўпайгани билан изоҳлади

Ижтимоий тармоқларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида хориждан келаётган йўловчиларнинг мобил қурилмалари экспертизадан ўтказиш мақсадида 30 кунгача муддатга вақтинча сақловга олинаётгани, шунингдек, экспертизасиз бир кун ичида расмийлаштириш учун қўшимча тўловлар жорий этилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур хабарлар юзасидан Божхона қўмитаси матбуот хизмати муносабат билдирди.
Таъкидланишича, сўнгги вақтларда мобил қурилмаларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмаларга тегишли идентификаторлардан фойдаланиш, шунингдек, бир қурилма маълумотларини бошқа қурилмаларни қонунийлаштириш учун ишлатиш каби мураккаб қонунбузилиш схемалари орқали божсиз олиб кириш меъёридан фойдаланишга бўлган уринишлар кўпаймоқда.
Рақамларга кўра, жорий йил бошидан «Тошкент-АЭРО» ИБК томонидан жами 185 та ҳолатда қиймати 8.8 млрд сўмлик 1185 дона уяли алоқа воситалари ноқонуний олиб кирилиши олди олинган.
Айни вақтда «Тошкент» халқаро аэропорти орқали хориждан олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви уларнинг IMEI идентификаторларини аниқлаш ва қонуний олиб кирилганлигини тасдиқлаш билан боғлиқ айрим масалаларга ойдинлик киритилгунга қадар вақтинча тўхтатилди, — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, мазкур йўналишда юзага келган масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ва ягона тартибда ҳал этиш, шунингдек, келгусида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тегишли идоралар билан бу борадаги фаолиятни ўзаро мувофиқлаштиришга зарурат туғилмоқда.
Шу сабабли, мобил қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини текшириш ва уларни расмийлаштириш тартибларини ойдинлаштириш бўйича тегишли идоралар билан ҳамкорликда тадбирлар белгиланди ва қисқа муддатларда вазиятга ойдинлик киритилиши ҳамда божхона расмийлаштируви жараёнларини белгиланган тартибда давом эттириш имконияти яратилиши билдирилди.





