Пахтаободда Андижон вилояти прокурори томонидан 14 нафар битирувчига тикув машинаси берилди
Aндижон вилояти прокурори Ғайратжон Фозилов Пахтаобод туманидаги 39-умумтаълим мактабида ўқувчилар, битирувчилар ҳамда аҳоли вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, аввало мактабда ўқув жараёнига тайёргарлик ишларининг бориши назоратдан ўтказилган.
Туман мактаблари битирувчиларидан 14 нафарининг бандлигини таъминлаш мақсадида имтиёзли кредит асосида 14 та тикув машинаси берилган.
Шунингдек, тадбирда «Меҳнат ярмаркаси» ҳам ташкил этилиб, 11 нафар ёшнинг меҳнат бандлиги таъминланган, улардан:
- 5 нафари маҳаллалар тизимида ёрдамчи меҳнат нозири сифатида;
- 5 нафари СЭОМда ёрдамчи дезинфектор лавозимида;
- 1 нафари эса тумандаги 43-умумтаълим мактабига ўқитувчи сифатида ишга жойлаштирилди.
Қайд этилишича, учрашувда аҳоли мурожаатлари ҳам тингланиб, «Қорақўрғон» маҳалласи йўлларининг 300 метрини шағал тўшаш, «Қайир» маҳалласининг 1,5 км масофасига электр энергияси учун тармоқ тортиш ишлари ўртага ташланиб, амалга оширишга йўналтирилган. Табиий газ билан таъминланмаган 4 та хонадон вакилларига газ баллонлари тарқатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўрғонтепа тумани ҳокими 20 нафар фуқаронинг 30 дан ортиқ мурожаатини қабул қилгани ҳамда Булоқбошида 35 нафар мактаб битирувчисига тикув машинаси ва бошқа ускуналар берилгани ҳақида хабар қилинганди.