Наманганда 67 турдаги касб-ҳунар бўйича кўргазма ташкил этилди

Наманган вилояти Наманган туманидаги 3-сектор ҳудудида 67 турдаги касб-ҳунар бўйича кўргазмали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда Наманган туман ИИБ бошлиғи, туман халқ таълими бўлими мудири, Ёшлар иттифоқи Наманган туман кенгаши раиси ва мактаб директорлари ҳамда ёш йигит-қизлар иштирок этган. Сектор раҳбари томонидан асаларичилик, чеварлик, заргарлик, сартарошлик, новвойлик ва чорвачилик каби йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, бир неча йиллардан буён асаларичилик билан шуғулланиб келаётган Aлишер Сиддиқовга соҳани янада ривожлантириб, келгусида асаларичилик кластерини ташкил этиш таклиф қилинган. Шунда ушбу йўналишда иш ўринлари ҳам кенгайиши айтилиб, бу борада сектор раҳбари амалий ёрдам беришини таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, тадбир давомида ўқувчиларнинг бўш вақтларида амалга оширган қўл меҳнатлари, ихтиролари билан танишилиб, ушбу йўналишдаги ишларни ривожлантириш учун тавсиялар берилган.

Хабарда, шунингдек, «Элатан» маҳалласида кам таъминланган оилалар рўйхатида турадиган икки аёлга сектор томонидан моддий кўмак бериб келинаётгани айтилган. Сектор раҳбари ушбу оилани ўрганиш давомида икки овсин ҳам каштачилик ҳунарини эгаллаганини билиб, уларга шу ҳунарлари орқали пул топишлари учун шароит яратиб берган.

«Ҳозирда бу аёллар нафақат ўзларини, балки маҳалладаги ёш қизларни ҳам иш билан банд қилмоқда. 10 дан зиёд шогирдларга давлат томонидан стипендиялар берилаётган бўлса, 2 ҳунарманд аёл мунтазам ойлик билан таъминланди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Улуғнорда бўлиб ўтган сайёр қабулда ишсиз фуқаролар иш билан таъминлангани, Пастдарғомда 25 нафар хотин-қизга тикув машинаси ва сертификат топширилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар