Туркияда шубҳали ўлим топган Нодира Қодированинг хонасида олинган видеолавҳа эълон қилинди

Туркия пойтахти Aнқара шаҳрида «Aдолат ва тараққиёт» партиясидан Буюк Миллат Мажлиси депутати Ширин Уналнинг уйида ўлган Нодира Қодирова иши давом этмоқда. Бу ҳақда «Qalampir.uz» хабар берди.

Фото: Instagram

Хабарга кўра, орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтиб, Қодирова ўлган хона суратлари тарқалган. Марҳумнинг оиласи ёллаган адвокат Илёс Доғаннинг маълум қилишича, «бу тасвирлар унинг бўғиб ўлдирилганини ўйлашга мажбур қилади».

Маълум бўлишича, Қодирова иши «Жиноий жавобгарликка тортиш учун асос йўқ» деган қарор билан ёпилган эди. Сўнг адвокат ишни мамлакат Конституциявий судига оширган. Бу орада интернетда воқеа содир бўлган куни полиция томонидан Нодира Қодирова вафот этган хонада олинган видео тарқалган.

Видеода Нодира Қодирова яшаган ва вафот этган хонанинг тартибсиз экани тасвирланган. Унда стол, гулдон, лампа, қум ва бошқа ашёларнинг ерда сочилиб ётганини кўриш мумкин. Нодира Қодировага тегишли бўлган сумкалар ҳам ерда ётибди. Унда қон излари ҳам кўзга ташланади.

Шунингдек, тасвирларда Ширин Уналнинг қизи Дуйгу Унал ҳам борлиги акс этган. У полиция ходимлари воқеа жойини кўздан кечираётган вақтда ўша ерда бўлган.

«Хонада тажовузкор жанжал бўлган деб ўйлаяпман. Учта алоҳида жойларда қон излари бор. Улар орасида катта масофа мавжуд. Хонадаги гиламнинг учта жойида қон кўриниб турибди, шунингдек, ётоқдаги кўрпа устида ҳам қон излари бор. Бундан ташқари, полиция ходимлари воқеа жойини кўздан кечираётган вақтда депутат Ширин Уналнинг қизи ҳам улар билан бирга бўлган. Бу қонунга мутлақо зид. Чунки у ўлим вақтида ҳам уйда бўлган, шу боис полиция воқеа жойини кўздан кечираётган вақтда уларга ҳамроҳлик қила олмайди. Уни воқеа жойидан узоқ тутиш керак эди. Aйниқса, Дуйгу Унал ёки бошқа бир кишининг воқеа жойига кириб, бу ерда бемалол ҳаракатланиши муҳим далил-исботнинг чалкашиб кетишига сабаб бўлади. Ушбу ҳодисага алоқадор бўлиши мумкин бўлган одамларга воқеа жойини текшириш пайтида киришга рухсат берилмайди. Бу қонунчиликка зиддир», — дейди адвокат.

Aдвокатнинг таъкидлашича, яна бир видеода полиция ходимларидан бирининг қўл телефонига қўнғироқ бўлган. Полициячи «Сиз билан алоқали ҳеч нарса йўқ», деган. Бу эса воқеа содир бўлган жойни тергов қилиш пайтида у яқиндан кузатилганлигини кўрсатади, деб ҳисоблайди адвокат.

Маълумот учун, 2019 йилнинг 23 сентябрь куни ўзбекистонлик 23 ёшли меҳнат мигранти Нодира Қодирова собиқ ҳарбий хизматчи — генарал, Туркия Буюк Миллат Мажлисига «Aдолат ва тараққиёт» партиясидан сайланган депутат Ширин Уналнинг уйида ўлик ҳолда топилган. Қодированинг сирли ўлим топганига 1 йил тўлди.

Нодира Қодированинг адвокати 2020 йилнинг май ойида ушбу ишни судга тортмаслик тўғрисидаги прокуратура томонидан қабул қилинган қарор устидан апелляция берган. Аммо у рад этилган. Шундан кейин адвокат Дўған ҳужжатни Конституциявий судга топширган.

Унинг айтишича, ҳужжат ҳали ҳам Конституциявий суднинг дастлабки тергов босқичида ва у ҳамон қайтадан кўриб чиқиш босқичига ўтказилмаган.

Аввалроқ Бош прокуратура Наманганда ўзига ўт қўйиб, вафот этган аёл иши юзасидан расмий маълумот берган эди.