Ҳабиб Нурмагомедов Миллий олимпия қўмитасига борди (фото)

UFC бўйича мутлақ жаҳон чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, у дастлаб МОҚ музейини томоша қилиб, ўзбек спортининг тарихи билан танишган ва фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Шундан сўнг, Нурмагомедов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтган. Унда Ҳабибнинг шахсий мураббийи Хавер Мендес, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, МОҚ раиси Рустам Шоабдурахмонов, юртимизнинг таниқли спортчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Тадбир давомида Ҳабиб Нурмагомедов Ўзбекистонда спортга, жумладан аралаш жанг санъати турларига эътибордан мамнунлигини таъкидлаган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

«Аввало ўзбекистонлик мухлисларимга шундай эътибор ва қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдираман. Юртингизда аралаш жанг санъати турлари ҳам жадал ривожланяпти. Спортчи учун ўз давлати байроғини нуфузли беллашувларда ҳимоя қилиш олий шараф. Ўзбек жангчиларининг халқаро майдондаги чиқишларини кузатиб бораман. Ўйлайманки, уларни йирик ғалабалар кутмоқда. Мамлакатингизда дзюдо, кураш, бокс каби яккакураш йўналишлари ривожланган. Шу жиҳат ўзбекистонлик спортчиларнинг келажакдаги ғалабаларига замин бўлади, деб ўйлайман», – дейди UFC чемпиони.

Аввалроқ UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов Тошкентга келгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, Ҳабиб Нурмагомедов Жастин Гейтжига қарши жангдан сўнг фаолиятини якунлашини эълон қилганди. Кейинчалик эса Ҳабиб фаолиятини тиклаши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Бундан ташқари UFC раҳбари Ҳабиб Нурмагомедовнинг кейинги фаолияти ҳақида гапирганди. Унинг сўзларига кўра, Нурмагомедов онаси билан карьерасини янгидан бошлаш масаласини муҳокама қилади.

Янгиликлар