Ўзбекистон Туркияга инсонпарварлик ёрдамини юборди

Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан 2 май куни Туркия Республикасига коронавирус инфекцияси тарқалишини бартараф этиш учун зарур бўлган тиббий буюмлардан иборат инсонпарварлик ёрдами юборилди.

Хабарга кўра, Туркияга инсонпарварлик ёрдамини юбориш тўғрисида қабул қилинган Ҳукумат фармойишига асосан «Uzbekistan Airways» томонидан ажратилган юк самолётида Истанбул шаҳрига мамлакатда ишлаб чиқарилган бир марталик респиратор Ecos N 95 тиббий ниқобидан бир миллион дона етказиб берилган.

Таъкидланишича, икки мамлакат коронавирус инфекциясининг шиддатли тарқалишига қарши курашишда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ҳиндистонга инсонпарварлик ёрдамини юборган эди.