Фарғонада 3 августдан хусусий боғчалар, буюм бозорлари ҳамда сартарошхона фаолиятига рухсат берилди

Фарғона вилоятида 3 август, душанба куни карантин чоралари юмшатилиб, баъзи муассасалар фаолиятига рухсат берилди. Бу ҳақда вилоят ҳохимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоятдаги хусусий мактабгача таълим ташкилотлари, буюм ва чорва моллари бозорлари, қурилиш маҳсулотлари савдо мажмуалари ҳамда сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолияти қайта тикланди.

«Мазкур муассасалар фаолиятини йўлга қўйишда белгиланган карантин қоидаларига амал қилинади. Хусусий мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш, биноларни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион ‘тўшак’лар ҳамда дезинфекцион туннеллар билан жиҳозлаш кабилар белгилаб қўйилди», — дейилади хабарда.

Бозорлар ва қурилиш савдо мажмуаларида ҳам ана шу каби талабларга қатъий риоя қилиниши кўрсатилган.

Маълумот учун, Фарғонада 278 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 255 нафари соғайган ва 1 нафари вафот этган.

Аввалроқ Қашқадарёда карантин чоралари юмшатилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар