Наманганда очиқ қолган «Nexia»дан 250 доллар ва «Captiva» калитини ўғирлаган шахс ушланди
Наманган вилояти Чуст туманида автомашинадан 250 доллар ва машина калитини ўғирлаб кетган шахс кўлга олинди. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Чуст туманида 12 июль кунига ўтар кечаси «Юқори» маҳалласида жойлашган дам олиш маскани ёнида турган «Nexia» автомашинаси эшигининг очиқ қолганлигидан фойдаланган номаълум шахс автомашинада бўлган 250 АҚШ доллари ва «Captiva» автомашинасининг нархи 100 АҚШ доллари бўлган калитини ўғирлаб кетган. Чуст шаҳрида яшовчи «Nexia» автомашина эгаси туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ушбу ҳолат бўйича чора кўришни сўраган.
Аризага кўра, Чуст тумани Ички ишлар бошқармаси ЖҚБ бошлиғи ва тезкор вакил томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Наманган шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро содир этганлиги аниқланган ва ундан далилий ашёлар олинган.
Ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Самарқандда юк машинасидаги 5340 доллар ва 3 600 000 сўм пулларни ўғирлаган 25 ёшли қиз, Тошкентда 16 ёшли боланинг 6,5 миллион сўмлик буюмларни талон-торож қилган ҳайдовчи ва Қўқонда талончилик қилган шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Aндижонда фуқарони уриб, машинасидан 500 доллар ва 60 минг сўм пул олганликда гумон қилиниб, 4 киши ҳамда Фарғонада 700 минг сўмлик телефон ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга олингани маьлум қилинганди.