Ўзбекистонда пандемия шароитида мактабларда дарс жараёнини ташкил этишнинг вақтинчалик тартиби белгиланди

AОКA ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова пандемия шароитида умумтаълим мактабларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этишнинг вақтинчалик тартиби ҳақида маълум қилди.

Унга кўра, дарс машғулотлари эрталаб соат 08:00 дан кеч соат 17:30 гача ташкил қилинади.

Болаларнинг бир вақтда тўпланиб қолишларининг олдини олиш мақсадида дарсларнинг бошланиши табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади.

Хусусан, 1—4-синфлар мактабга соат 08:00 гача, 5—8-синфлар соат 08:30 гача ҳамда 9—11-синфларнинг келиши соат 09:00 гача алоҳида эшиклардан ижтимоий масофа сақлаб, тана ҳароратини ўлчаган ҳолда амалга оширилади.

Дарслар оралиғидаги танаффуслар вақтида қўнғироқ чалинмайди, синф хоналари кўчадаги ҳаво ҳароратидан келиб чиққан ҳолда шамоллатиб борилади.

Дарслар «Синф системаси»да олиб борилади, яъни барча дарслар бир синф учун бир хонада олиб борилади.

Бошланғич синф ўқувчилари синф раҳбарлари томонидан мактабнинг асосий дарвозаси ёнида кутиб олинади ҳамда кузатилади. Ота-оналарнинг мактабга кириб-чиқиши тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон мактабларида дезинфекция воситаларини харид қилишда ўқитувчилардан пул йиғилмаслиги ҳамда Ўзбекистондаги мактабларда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш таклиф этилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар