Жондорда ички ишлар органлари пробация ҳисобида турган 8 киши шартли равишда жазодан озод қилинди

Бухоро вилояти Жондор тумани ички ишлар органлари пробация ҳисобида турган 8 киши шартли равишда жазодан озод қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жондор тумани ички ишлар органлари пробация гуруҳлари томонидан содир этган жиноятининг оғир оқибатини англаб етган, жазо ўташ даврида суд томонидан белгиланган тақиқ, чеклов ва мажбуриятларга риоя қилган 8 нафар назорат остидаги шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 73-моддасига кўра, шартли равишда озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.

2 нафар шахснинг синов муддатини қисқартириш тўғрисидаги илтимосномалар Жиноят ишлари бўйича Жондор тумани суди биносида сайёр суд мажлисида муҳокама қилинди. Туман ИИО пробация гуруҳи томонидан киритилган тақдимномалар тўлиқ қаноатлантирилди. 8 нафар шахс жазодан муддатидан аввал шартли равишда озод қилинди.

Хусусан, 2 нафари ахлоқ тузатиш ишлари жазосига, 2 нафари эса озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган, шунингдек, 4 нафар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган назорат остидаги шахсларга енгиллик берилди. 2 нафар шахснинг синов муддати қисқартирилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда Мустақиллик куни муносабати билан 113 нафар маҳкум афв этилгани ҳақида хабар берилган эди.