Ўзбекистонда Мустақиллик куни муносабати билан 113 нафар маҳкум афв этилди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар фуқаролар афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 5 нафари асосий жазодан озод этилди, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 40 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 1 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 2 нафарини чет давлат фуқаролари, 105 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчиларини ташкил этади.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 33 нафар, Ургутда 17 нафар, Пастдарғомда 18 нафар, Иштихонда 15 нафар, Булунғурда 8 нафар ва Самарқанд туманида 21 нафар, Пахтачида 19 нафар, Нарпайда 13 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар