Ургутда 17 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилинди

Самарқанд вилояти Ургут туманида 11 авгуcт, сешанба куни озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо қўлланилмаган 17 нафар маҳкум жазони ўташ даврида тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя қилганлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олиниб, шартли равишда озод қилинди. Бу ҳақда Ургут тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ургут тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Ургут тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят ишлари бўйича туман судига 8 нафар маҳкумни муддатидан олдин жазодан озод қилишни сўраб тақдимнома киритган.

Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг раиси ва туман суди судьясининг маълум қилишича, 2020 йил 11 авгуcт куни ўтказилган суд мажлисида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо қўлланилмаган маҳкумлар жазони ўташ даврида тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя қилганлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олиниб, инсонпарварлик тамойиллари асосида Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган.

Аввалроқ Томдида муддатидан олдин 4 нафар маҳкум ва Қўқонда ўғриликка қўл урган аёл жамоатчилик кафиллиги остида қамоқдан озод қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистондан қочган икки маҳбус Қирғизистон чегарасида ушлангани ҳамда Ўзбекистон Aфғонистоннинг 400 толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлагани маълум қилинганди.

Маълумот ўрнида, Фарғонада маҳкумларни назорат қилишга доир электрон дастур ишга туширилган.

Янгиликлар