Самарқандда яна 15 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилинди

Самарқанд вилояти Иштихон тумани Ички ишлар бўлими пробация гуруҳи хисобида турган 15 нафар шахс суд залидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан жазони ўтаётган назоратдаги шахслар муддатидан аввал шартли равишда озод этилмоқда.

«Пастдарғом тумани пробация гуруҳи назоратида жазо ўтаётган 15 нафар маҳкумнинг суд иши кўриб чиқилди. Маҳкумлар жазонинг асосий қисмини ўтаганлигини, қилмишидан пушаймонлигини хисобга олиб, Жиноят кодексининг 73-моддаси (Жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилиш)га асосан озод этилди », — дейилади хабарда.

Шунингдек, судда ўртасида ўзаро низо бўлган оилалар яраштирилди.

Аввалроқ Пастдарғомда 18 нафар, Ургутда 17 нафар маҳкум муддатидан аввал озод қилинганди.

Шунингдек, Ўзбекистондан қочган икки маҳбус Қирғизистон чегарасида ушлангани ҳамда Ўзбекистон Aфғонистоннинг 400 толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлагани маълум қилинганди.