Булунғурда 8 нафар маҳкум муддатидан илгари озод қилинди

Cамарқанд вилоятида Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди 8 нафар маҳкумларни муддатидан илгари озод қилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди раиси Ғайрат Негматовнинг маълум қилишича, Жомбой туман ИИО пробация гуруҳи томонидан келтирилган, суд ҳукми билан жазо ўтаётган 8 нафар маҳкумларни муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги тақдимномалари кўриб чиқилган.

Туман суди томонидан жиноят қонунининг инсонпарварлик принципига амал қилиниб, Жомбой тумани «Зарафшон» маҳалла фуқаролар йиғинида суд жараёни бўлиб ўтди. Судда жазони ўташ тартиб-қоидаларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 5 нафар ахлоқ тузатиш ва озодликни чеклаш жазоларини ўтаётган маҳкумлар, Улуғбек Иргашев, Олим Нигматуллаев, Фируз Бобоқулов, Нурбек Бобоёров, Хусан Саттаров, Фарход Абсаматов ва Жасур Шомуродов Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

«Кечиримлилик — халқимизга хос фазилат. Давлатимиз томонидан йўлдан адашганларга имкон бериб, жиноят содир этган шахсларга содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилигини тушуниб етишига, тузалиш йўлига кириб, жамиятга нафи тегадиган инсон бўлиб қайтишига кенг имкониятлар яратиб берилмоқда», — дейди Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди раиси Ғайратжон Негматов.

Аввалроқ Пастдарғомда 18 нафар, Ургутда 17 нафар маҳкум муддатидан аввал озод қилинганди.

Шунингдек, Ўзбекистондан қочган икки маҳбус Қирғизистон чегарасида ушлангани ҳамда Ўзбекистон Aфғонистоннинг 400 толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлагани маълум қилинганди.

Янгиликлар