Aндижон шаҳрида спорт турларига ихтисослашган «Универсал» мажмуаси қурилади (фото)

Aндижон шаҳрида 2017—2022 йилларда Республика бюджети маблағлари ҳисобидан «Универсал» спорт мажмуаси қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, вилоятда болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2017 йилда шаҳардаги «Универсал» спорт мажмуасининг қурилиши бошланган. Ишлар Президентнинг 2017 йил 6 майдаги «Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 2017 йилги бюджетини ва болалар спорти объектлари, сузиш ҳавзаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан олиб борилмоқда. 2017 йилда ушбу объектдаги қурилиш-монтаж ишлари учун манзилли дастурга 15 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Объектга «Хон» масъулияти чекланган жамият корхонаси бош пудратчи ташкилот этиб белгиланган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Ўтган 2017—2020 йиллар мобайнида шаҳардаги «Универсал» спорт мажмуасида жами 66,4 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, Президентнинг 2020 йил 12 январдаги қарорига асосан тасдиқланган инвестиция дастурида «Универсал» спорт мажмуаси қурилиши учун 30 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳозирда объектда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Ушбу қарор иловасига асосан «Универсал» спорт мажмуаси қурилиши 2017—2022 йилларда олиб борилиши кўзда тутилган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Ҳозирда объектнинг барча қаватларида бетон-монолит қуйиш ишлари охирига етказилиб, унинг том қисмини ёпиш учун тайёр ҳолга келтирилган.

Спорт мажмуаси 6,3 гектар майдонни ўз ичига олади. Лойиҳага асосан мажмуа жами 4000 томошабинга мўлжалланган бўлиб, у спортнинг якка кураш, бадиий гимнастика, бокс, волейбол, гандбол, таэквондо ҳамда баскетбол турларига ихтисослашган. Лойиҳа доирасида 11х25 метр ўлчамдаги сузиш ҳавзаси, теннис корти ва 100 ўринли ошхона қурилмоқда. Ушбу спорт мажмуаси сейсмик жиҳатдан 9 баллга жавоб беради. Ҳудудда 200 автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ ҳам барпо этилади.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Объектнинг том қисмини йиғма металл-конструкция билан ёпиш бўйича барча ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб, металл-конструкция ишлаб чиқарувчи ташкилотга буюртма берилган. Мазкур объектни 2022 йил якунига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Aввалроқ Ўзбекистон туманида 500 тонна мева-сабзавот сақланадиган музлаткич-омборхона қурилгани ҳақида хабар берилганди.