Ўзбекистон туманида 500 тонна мева-сабзавот сақланадиган музлаткич-омборхона қурилди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги «Гулистон» мавзесида қиймати 4 миллиард сўм бўлган 500 тонна сиғимга эга махсус музлаткич-омборхона қуриб битказилган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги aхборот хизмати

Таъкидланишича, «Пахтақайнар» муқобил машина трактор парки ҳудудидаги Гулистон мавзесида 500 тонна сиғимга эга махсус музлаткич-омборхона қуриб битказилган. «Фозилбек Ҳамзали» боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжалиги томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳанинг қиймати 4 миллиард сўмни ташкил этган.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги aхборот хизмати

Таъкидланишича, етиштирилган маҳсулотларнинг экспортга йўналтирилганини етказиб бериш муддати келгунча сақлаш зарурати музлатгичларга бўлган талабни оширмоқда. Туман тадбиркорлари томонидан ишга туширилган шундай турли сиғимдаги 10 га яқин замонавий музлатгичлар фаолият кўрсатмоқда.

«Мазкур лойиҳани ишга туширишимиз орқали 5 нафар янги иш ўрни яратган бўлсак, мавсум пайтида яна 10—12 нафар мавсумий ишчиларни жалб қиламиз. Келгусида олдимизга жуда катта вазифаларни қўйганмиз, юксак мақсадларни кўзлаганмиз. Келгуси йилдан маҳсулотларни ўз фермер хўжалигимиз орқали экспорт қилмоқчимиз. Бунинг учун ҳозирда ташқи бозорни пухта ўрганмоқдамиз», — дейди фермер хўжалик иш юритувчиси Миржалол Имомалиев.

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги aхборот хизмати

Шунингдек, тадбиркорлар хўжалик фаолиятини янада кенгайтириш, қўшимча қиймат занжирини яратиш мақсадида мевани сақлаш ва ташишга мўлжалланган пластмасса қутиларни ишлаб чиқариш ҳамда мевани саралаш ва қайта ишлаш каби янги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Aввалроқ Булунғурда салкам 2,3 миллиард сўмга қурилган 270 ўринли мактаб биноси фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.